Маҳалла масалалари бўйича вазифалар ҳокимлар зиммасига юклатилади, ҳоким ўринбосари лавозими қисқартирилади. Бу ҳақда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда президент маҳалла тизимидаги янгиланишлар ҳақида ҳам маълум қилди.
Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Унга раҳбарлик қилиш Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергеновга юклатилди.
«Фарзандларимиз тарбиясида нуронийларимизнинг билимлари ва ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланишимиз зарур», деди президент.
Шу боис, «Нуроний» жамғармаси раҳбари Содиқжон Турдиев вазирнинг биринчи ўринбосари бўлади.
Энди маҳалла тизимида ҳам мутлақо янги тизим яратилиши қайд этилган.
Жойларда бу вазифа бевосита ҳокимларнинг зиммасига юклатилади, ҳоким ўринбосари лавозими қисқартирилади.
Маҳалла раиси ўз ҳудудида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашни таъминлайди.
Шунингдек, президент Халқ қабулхоналарининг вазифалари ҳам энди шаҳар ва тумандан маҳаллага тушади, маҳаллабай фуқароларни қабул қилиб, уларнинг масалалари ечимига ёрдам беради.