Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг қарори билан турли соҳаларда Ватанимиз тараққиёти, оилалар мустаҳкамлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидойилик кўрсатиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нафақа ёшидаги мингдан зиёд ҳамюртларимиз I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Хусусан, Наманган вилоятидан 58 нафар фаол нуроний “Меҳнат фахрийси” нишонига муносиб деб топилди. Наманган шаҳридаги “Маърифат” марказида бўлиб ўтган тантанали маросимда ушбу мукофотлар ўз эгаларига байрамона руҳда топширилди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Акрамжон Абдуҳамидов мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, кексаларга ҳурмат кўрсатиш ва уларнинг бой ҳаётий тажрибасига суяниш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини таъкидлади. Бугунги кунда Наманган вилоятида 245 минг 600 нафар меҳнат фахрий ҳукуматнинг ғамхўрлигини дилдан ҳис этмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож 1 минг 100 нафар якка-ёлғиз киши юртимиздаги сўлим сиҳатгоҳларда дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлади. Қолаверса, етти нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт орти иштирокчисига доимий равишда ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
“Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига асосан ёш ўғил-қизлар маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган, замонавий фикрлайдиган кексаларга бириктирилгани ижобий натижа бермоқда. Тадбирда сўзга чиққан фахрийлар кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун миннатдорлик сўзларини изҳор этди.
– Эллик йил давомида қишлоқ хўжалигида масъул вазифаларда ишладим. Туман ижроия қўмитасига бошчилик қилдим, – дейди I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, чустлик 75 ёшли Йўлдошбой Рафиқов. – Ҳалол меҳнатларим туфайли асло камлик кўрмадим. Колхоз, кейинчалик ширкат хўжалигидаги раҳбарлик фаолиятим эътирофга сазовор бўлди. Биз кексалар камтарона меҳнатларимиз қадр топганидан бағоят хурсандмиз.
Тадбир вилоят “Нуронийлар уйи”да “Бир пиёла чой” дастурхони атрофида давом этди. Хушовоз санъаткорлар ижросидаги дилрабо қўшиқлар йиғилганларга завқ бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА