Янгиликлар
Ўзбекистонда энди нуронийлар ўртасида танлов ўтказилади ва энг юқори кўрсаткичли нуронийлар рағбатлантирилади 16.06.2022

Ҳар йили уч босқичли "Бир нуроний ўн ёшга масъул" танлови ўтказилади ва энг юқори кўрсаткичли нуронийлар "Нуроний" жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туманлар ва шаҳарларда таркибига 15 нафардан жами 3320 нафар тажрибали, обрў-эътиборли кексалар жамланган Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тузилди. 

Бундан ташқари, "Бир нуроний ўн ёшга масъул" тамойили асосида 26 минг нафардан ортиқ нуронийлар 258 750 нафар ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларга бириктирилди. Тегишли режа-график асосида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” шиори билан 80 мингдан ортиқ учрашувлар ташкил этилди.

Ёшлар тарбиясида нуронийлар бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муносиб иштирок этаётган кексаларни рағбатлантириб бориш мақсадида жойларда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танлови ўтказилиши белгиланди.

Танлов Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ҳар йили бир марта икки босқичда ўтказилади.

Танлов низомига кўра туман ва вилоят даражасида энг юқори кўрсаткичга эришган нуронийлар “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллион сўмгача рағбатлантирилади. Айни кунларда ҳудудларда танловнинг сектор босқичлари якунланиб, туман (шаҳар) босқичлари ўтказилмоқда.

Сўнги янгиликлар