Тадбирда вилоятимизда узоқ йиллар давомида юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилган кекса, ўрта авлод вакиллари ҳамда мамлакатимизнинг келажаги бўлган навқирон ёшлари таклиф қилинди.
Бу тадбир вилоятимизнинг барча маҳаллаларда юқори кайфиятда ташкил этилаётгани эса янада аҳамиятлидир.
Учрашувда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, нутқ сўзлади.
- Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшган салоҳиятли раҳбарлардан – Увайт Асатов, Ғайбулло Дилов, Хайрулло Саъдиев, Абдрураззоқ Рашидов, Акрам Алиқулов, Эрдон Нарбаев, Равшан Раҳмонов сингари юрт фидойиларининг хизматларини бугунги авлод асло унутмаслиги керак. Уларнинг турли соҳалардаги меҳнат матонатларини, кўрсатган жонбозликларини ёшларимизга ҳар томонлама ибрат қилсак арзийди, албатта.
Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик бор. Кексаларга эҳтиром, э’тибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эса азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Дастлаб учрашувда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, нуронийларимиз учун яратилаётган шароитлар, ёши улуғ инсонларга э’тибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, меҳнат фахрийларини э’зозлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини та’кидлади.
Ўз навбатида кекса отахон ва онахонларимиз ҳам ёш авлод вакилларига пурма’но, ҳикматларга тенг насиҳатларини беришди ва яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, тинчлик деган улуғ не’матнинг қадрига етиш, эл-юрт корига яраш – улуғ ва мас’улиятли иш эканлиги ҳақида гапириб, ҳаётий тажрибаларини сўзлаб берди.
– бугунги кунда биз, кексаларга яратилаётган кенг имкониятлар, енгилликлар, шарт-шароитлар учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди нуроталик меҳнат фахрийси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Шарбат Мухторова. – Айниқса, “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарор биз нуронийларга бўлган э’тиборнинг амалдаги ифодаси бўлди. Қарор билан маҳаллаларда нуроний ва кексалар билан ишлаш тизими янада такомиллашмоқда. Турли тадбирлар ташкил этилиб, биз каби нуронийларга иззат-ҳурмат кўрсатилмоқда.
– Бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, – дейди хатирчилик Тотлибой бобо Оқбўтаев. – Қўшни давлатларда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни телевизорда кўриб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка шукроналик келтириб ўтрибмиз. Фарзандларимизга, невараларимизга бу куннинг қадрига етиш, чуқур билим олган ҳолда ҳалол меҳнат қилиб Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш лозимлиги ҳақида насиҳат қиламиз. Доимо яхши кунлар шукронаси учун дуодамиз.
Тадбирда ёш авлод вакиллари ҳам сўз олиб, билдирилган ишонч ва ма’сулиятни ҳис қилган ҳолда бобо ва бувилари, ота-оналарига муносиб фарзанд бўлишга ва’да берди.
Байрамона дастурхон атрофида жам бўлган тадбир иштирокчилари хушовоз хонандалар, эл ардоғидаги сан’аткорлар томонидан Ватанни, она юртни тараннум этувчи дилдортар куй-қўшиқларни тинглаб, рақсларга тушди.
Албатта, бу каби ма’навий-ма’рифий тадбирлар ёшларни ма’нан етук бўлиб улғайишига, ватанпарварлик туйғуларини янада чуқур сингдиришга, меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактаби билан яқиндан танишишга хизмат қилади.