Янгиликлар
Энди ҳар бир маҳалланинг ўз жамғармаси бўлади 16.08.2022

“Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қарорга биноан, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Мақсад – маҳалла инфратузилмасини яхшилаш (ички йўллар, ичимлик суви, спорт майдонлари, кутубхоналар, боғлар ташкил этиш ва ҳоказо) бўйича МФЙларнинг ваколатларини ва имкониятларини кенгайтириш.

“Мазкур жамғармаларда шакллантирилган маблағлар амалдаги давлат бюджети, ижтимоий ривожлантириш дастурлари ва бошқа инструментлар билан қамраб олинмаган тадбирларга қўшимча равишда йўналтирилади ҳамда уларни тасарруф этиш бўйича МФЙлар томонидан мустақил қарор қабул қилинади.

Яъни маҳалла фуқаролар йиғинлари маҳалла ҳудудидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун ўз маблағларига ҳам эга бўладилар. Мисол учун, маҳалла ҳудудида болалар майдончасини ташкил этиш ёки нуронийлар чойхонаси таъмирлаш ва ҳоказо”, дейилади хабарда.

Жамғармаларни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиси онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда);
маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар (2022 йилда 250 млрд сўм);
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар).
Шунингдек, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти ҳамда уларни фаолияти самарадорлиги ошириш мақсадида МФЙларнинг ягона классификаторини ишлаб чиқиш ҳамда МФЙларнинг чегараларига аниқлик киритиш бўйича тегишли органларга вазифалар юклатилди.

Сўнги янгиликлар