“Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувида “Яшил Макон ўз ҳудудимиздан бошланади” шиори доирасида «Яшил макон» лойиҳасининг баҳорги мавсумига старт берилди ва мевали ҳамда манзарали кўчатлар экилди.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилаётгани юртимизда боғлар, дарахтзорлар ва обод манзилларнинг янада кўпайишига хизмат қилмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев. — “Яшил Макон” умуммиллий ҳаракатида боғ яратиш, уларни асраб-авайлаш, дарахтларни кўпайтириш, сифатли кўчатлар тайёрлаш ҳадисини олган нуронийларимиз ҳам фаол қатнашиб келишмоқда. Бу йил мамлакатимиз нуронийлари иштирокида “Яшил Макон ўз ҳудудимиздан бошланади” шиорига асосланган акцияга старт беряпмиз. Бу акция вилоят ва туманлардаги “Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари”, “Бувижонлар мактаби” фаоллари иштирокида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги “Нуроний” масканларида, маҳаллаларда давом эттирилади.