Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида жорий йил 28 февраль куни Нуронийлар жамоатчилик Кенгашининг ташаббуси билан навбатдаги "Уч авлод учрашуви" бўлиб ўтди. 30 нафар нуронийлар ва фахрийлар, 45 нафар бугунги кун яратувчилари ва Устозлар ҳамда МФЙ раиси ва мутасаддиларини ўқувчи ёшлар тантанали кутиб олдилар. Аввало, тадбир иштирокчилари мактабда ташкил этилган тўгараклар, касб-ҳунарга йўналтириш бўйича амалий ишлар билан танишдилар. Тикувчилик, гул ясаш, пишириқлар тайёрлаш, меҳмон кутиб олиш, дурадгорлик, сартарошлик каби 60 тадан ортиқ касбларни эгаллаш жараёнлари билан танишдилар. Асосий тадбир мактаб фаоллари залида кўтаринки руҳда ўтказилди. Туман НЖК раиси А.Мамажанов тадбир иштирокчиларни табриклаб, кечани очиб берди. Вилоят Нуронийлар кенгаши масъул ходими А.Болтабоев Юртбошимизнинг ташаббуслари билан тизимли ўтказилаётган "Уч авлод учрашувлари"нинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Фарзандлар тарбиясида нуронийларнинг бой тажрибаси катта аҳамият касб этиши эътироф этилди. Салом бериш одоби, ота-оналар ва устозларни ҳурмат қилиш, ҳар бир ёш қалбида ватанпарварлик ҳиссини жо этиш кераклиги ўқтирилди. Нуронийлар ўзларининг ҳаёт тажрибаларини сўзлаб бердилар. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзоси , депутат- "Ватанпарвар" ташкилоти бошлиғи М.Норхонова. меҳнат фахрийси А.Абдумуталов ва бошқалар бугунги дорилзамон кунлар қадрига етиш, она-Ватан равнақи учун барча дахлдорлиги, мамлакат ривожига барча камарбаста бўлиши кераклигини ўқтирдилар. Куй-қўшиқларга уланди, ўқувчилар она-Ватан, ота-оналар ва фахрийларни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқларни ижро этдилар. Мактабда ташкил этилган фан олимпиядаси ғолибларига Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Мактаб директори О.Турсунова ва бир гуруҳ ўқувчилар ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдирган ҳолда яхши ўқишга, намунали-интизомли, чет тилларни ва касб-ҳунарни эгаллаган "Баркамол авлодни" вояга етказишга ваъда бердилар. Тадбир ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.