Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-20-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида темурий шаҳзода, Бобурийлар сулоласи асосчиси, буюк подшоҳ, ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин вакили, санъатшунос, элшунос олим Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо ҳаёти ва ижодига бағишланган “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбири ташкил этилди. Тадбирда бобуршунос ва шарқшунос олимлар, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви раиси, сенатор Содиқжон Турдиев, Қонунчилик палатаси депутати шоир Иқбол Мирзо, тарих фанлари доктори, профессор И.Бекмирзаев, Ўзбекистон халқ артисти З.Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист И.Арабов, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчилари, ва талабалар иштирок этишди. Тадбирда адабиётшунос олимлар, шоирлар ва узоқ йиллар жамиятимиз тараққиёти йўлида фидоийлик билан меҳнат қилган Ўзбекистон Қаҳрамонлари маданият ва санъат арбоблари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб, унинг заковати, даҳоси ёшларга ибрат мактаби эканини алоҳида эътироф этишди. Айниқса жаҳон адабиёти ва манбашунослигидаги энг муҳим, ноёб ёдгорликлардан бири, ўзбек адабиётидаги дастлабки насрий мемуар ва тарихий-илмий асар ҳисобланмиш «Бобурнома»ни ўқиб ўрганиш, ёшларни ватанпарварлик турҳида тарбиялашда муҳим ағамият касб этиши, маънавият, тарбия, маърифат ва маданият воситасидаги бундай учрашувлар илм-маърифат, таълим-тарбия ва Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик туйғуларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Мамлакатимизда бугунги кунда ёшларга катта ишонч билдирилаётгани, уларни Она Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида билимли, салоҳиятли, оқил ва заковатли қилиб тарбиялашга, ёшларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, билим олиши, касб-ҳунарли бўлиши ва жамият ҳаётидан муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар алоҳида эътироф этиб ўтилди.