"Пандирон" маҳалласи Касби туманидаги аҳолиси зич жойлашган ҳудудлардан бири. Пандирон қишлоғи бир неча олимлару-проффессорларни улғайтирган юрт.
Маҳаллада 5816 нафар аҳоли 1162 оила, 1525 хонадонда истиқомат қилиб келмоқда. Яқинда "Пандирон" маҳалласидаги 26-мактабда “Нуронийларнинг ҳаёти биз учун ибрат намунасидир” деб номланган “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви, туман “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” ҳамда Маънавият ва маърифат маркази Касби туман кенгаши ҳамкорлигида 2023 йилда "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантириш"га мўлжалланган "Йўл харитаси"да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги кекса авлод вакиллари, ибратли умр йўлини босиб ўтган нуронийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди
Тадбирда "Нуроний" жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев иштирок этди. Учрашув кекса авлод вакиллари ҳамда маҳалла ёшларининг самимий мулоқоти руҳида ўтди. Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиевнинг ўз ҳаётий тажрибаси мисолидаги ҳикоялари, ёшларнинг миллий қадриятларимизни эъзозлаш, керакли билимлар ва касб-ҳунар эгаси бўлиб, эл-юрт хизматига бел боғлаш инсоннинг мартабасини зиёда қилиши борасидаги ўгитлари ёшларда катта таассурот қолдирди. Ёшлар касб маҳорати ва тажрибасини оширишга қаратилган саволларга жавоб олдилар. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ёш авлодни тарбиялашда “Устоз-шогирд” анънасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларни орттирган тажрибаларидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Юртимизда фахрийларга кўрсатилаётган эҳтиром, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларни эътироф этиб, ўз навбатида фахрийлар ҳам ёшларда Ватанга муҳаббат, Президентга садоқат туйғуларини янада чуқурроқ сингдириш мақсадида “Уч авлод учрашуви” каби қатор тадбирларда ёшлар ва ходимларнинг касб маҳорати ва тажрибасини оширишга ўз ҳиссаларини қўшиб келаётгани таъкидлаб ўтилди.
Бугунги кунда кексалик гаштини сураётган отахон ва онахонларларнинг аксарияти уйда ўтиришни эп билмай, халқ билан бирга бўлиб, ёшларга ўз тажрибаларини ўргатиб келишмоқда. Шунингдек, "Устоз-шогирд" анъаналарига содиқ қолган ҳолда ўз маслаҳатларини аямаётганликлари айтилди.
Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани эътироф этилди. Кексалар ўртасида шахмат-шашка, ёшлар эса спорт мусобақаларида қатнашдилар. Фольклор жамоаларининг чиқишлари тадбирга файз киритди. Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар ва ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида дил сўзлари, самимий фикрларини билдирдилар. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош мавзусига айланди.